Китоблари миллионлар олиб келган хоним ёхуд “Гарри Поттер” тарихи

Гарри Поттер

“Гарри Поттер” ва унинг муаллифининг ўтмиши сизни бефарқ қолдирмайди.

…Университетни тугатганига етти йил бўлган Роулинг ўзини “энг катта омадсиз” деб ҳисобларди. Унинг оиласига дарз кетди, ўзи қўлида боласи билан ишсиз қолди. Жоан буни шундай изоҳлади: “Омадсизлик муҳим бўлмаган юмушлардан узоқлашишни англатар эди. Мен ўзимни аслиятимдан кўра бошқача кўйга солишни бас қилдим…»
Эри қизини олиб кетиш учун келганида Жоан янада тушкунликка тушиб қолди. У ҳимоя учун ордер олди ва 1994 йилнинг августида ажрашиш ҳақида судга ариза берди. Муаммо суд орқали ҳал бўлгач, Арантес Португалияга қайтиб кетди. Ана шундан сўнг Жоаннинг ҳаёти аста-секин маромига кела бошлади.
Роулинг ҳануз ижтимоий ёрдам пули ҳисобига яшар эди. У кўпсонли кафеда ўтириб ёза бошлади. Бу эса кейинчалик турли гап-сўзлар тарқалишига сабаб бўлди. Роулинг ижарага олган уйда иситиш тармоғи йўқлиги боис емакхонада ижод қилган эмиш! У эса шундай изоҳ берди: “Мен қишнинг чилласида Эдинбургда иситиш тармоғи бўлмаган уйни ижара олиш даражасида аҳмоқ эмас эдим. Қизим сайрда яхши ухлагани сабабли кафеда ёзганман”.
1995 йили Роулинг “Гарри Поттер ва фалсафа тоши” романининг қўлёзмасини эски машинкасида ёзиб тугатди. Асарнинг учта бобини ўқиб баҳо бериши сўралган Брайон Ивенснинг шавқ-завққа тўла тақризидан сўнг адабий агентлик ношир излай бошлади. Китоб ўн иккита нашриётга юборилди ва уларнинг барчаси чоп этишдан бош тортди. Орадан бир йил ўтиб, ниҳоят яшил чироқ ёнди. Лондондаги “Блоомсбурй” нашриёти муҳаррири Барри Каннингем китобни босишга рози бўлган ва 1500 фунт миқдорида аванс ҳам юборган эди. Аслида Роулинг Каннингемнинг қизи Алиса Ньютондан миннатдор бўлиши керак. Каннингем китобни саккиз ёшли Алисага берган, қизалоқ ўқиб чиққач эса давомини талаб қилиб туриб олган эди. Гарчанд Каннингем Гарри Поттер ҳақидаги китобни нашр қилишга рози бўлса-да, Роулингга болалар адабиётидан кам пул ишлашини айтиб, бошқа иш билан шуғулланишни тавсия қилди. Шундан сўнг, 1997 йили Роулинг асарнинг давомини ёзиши учун “Сcоттиш Арт Cоунcил” томонидан 8 минг фунт миқдорида грант пули олди.
1997 йилнинг июнида “Блоомсбурй” “Фалсафа тоши”ни 1000 та ададда чоп этиб, унинг 500 таси кутубхоналар ўртасида тарқатилди (бугун китобнинг ана шу нусхалари 16 дан 25 минг фунтгача туради). Орадан беш ой ўтгач, “Фалсафа тоши” биринчи мукофотни қўлга киритди. Февралда эса “Йилнинг энг яхши болалар китоби”, кейинроқ эса яна бир нуфузли мукофотга сазовор бўлди.
1998 йил бошларида АҚШда мазкур романни чоп этиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун кимошди савдоси ўтказилди ва 105 минг доллар эвазига “Счоластиc Инc” нашриёти ютиб чиқди. Роулингнинг сўзларига кўра, у бу ҳақда эшитиб сал бўлмаса ўлиб қолаёзган. Америка нашриёти “Фалсафа тоши”ни “Гарри Поттер ва сеҳрли тош” номи билан чоп этди. Бунинг сабабини болалар номланишда “фалсафа” сўзи бўлган китобларни ўқишни хоҳламасликлари билан изоҳлашди.
Нашриётдан пул олган Роулинг нуфузли ҳудуддан уй харид қилди ва дарҳол кўчиб ўтди. Она-бола мушук, қуён каби уй жониворларини ҳам боқа бошладилар. Илгари бунга қурблари етмасди.
Биринчи романнинг давоми “Гарри Поттер ва махфий хона” 1998 йилнинг июлида нашр қилинди. Кейинги йили декабрда эса “Гарри Поттер ва Азкабан маҳбуси” чиқди. Ҳар иккала китоб ҳам нуфузли мукофотларни қўлга киритди. Тўртинчи китоб — “Гарри Поттер ва олов кубоги” 2000 йилнинг 8 июлида Буюк Британия ва АҚШда бир вақтда чиқди ҳамда ҳар иккала мамлакатда рекорд ўрнатди. Буюк Британияда биринчи куни 372.775 нусхада сотилди. Америкада эса дастлабки 48 соатда 3.000.000 таси сотилиб кетди. Роулинг романни ёзаётганида оғир ҳиссиётлар ҳолатида бўлганини тан олди: “Тўртинчи китобнинг ярмини ёзганимда сюжетда жиддий хатога йўл қўйганимни сездим… Бу китоб билан менинг айрим қора кунларим боғланиб кетган… Бир бобни 13 марта қайта ёзганман, аммо ўқиганлардан ҳеч ким буни илғай олмайди”. Муаллиф яна бир нуфузли мукофот билан тақдирланди.
“Гарри Поттер ва олов кубоги” билан бешинчи роман — “Гарри Поттер ва қақнус нишони” оралиғи уч йилга чўзилди. Танаффус чоғида матбуотда Роулингда ижодий таназзул бошлангани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Кейинроқ Роулинг мазкур романни ёзиш ундан катта куч талаб қилганига иқрор бўлди.
“Гарри Поттер ва чала зотли шаҳзода” номли олтинчи китоб 2005 йил 16 июлда чиқди. У ҳам рекорд ўрнатди — дастлабки 24 соатда 9.000.000 нусхада сотилди. Китоб чиқишидан аввал Роулинг мухлислардан бирининг хатига жавоб берар экан, шундай деди: “Олтинчи китоб узоқ йиллар режалаштирилган, бироқ жиддий равишда ёзишдан олдин қилаётган ишимга мутлақо ишонч ҳосил қилишим учун икки ой мобайнида режани кўриб чиқдим”. Мазкур нашр ҳам “Йил китоби” сифатида мукофотланди.
2006 йилнинг декабрь ойида мазкур туркумдаги еттинчи ва сўнгги китоб номи эълон қилинди — “Гарри Поттер ва ўлим туҳфалари”. Китоб ҳолида эса 2007 йил 21 июлда нашр этилди. Биринчи куни Буюк Британия ва АҚШда 11.000.000 дона сотилди.
Турган гапки, Жоан Роулинг қалам ҳақига ҳар йили бир неча ноль қўшилаверди. У миллионер хонимга айланди.

Если вам понравилась статья, поделитесь ею с друзьями в социальных сетях.
Sirlar.uz