Қиш ҳақида шеърлар

Қиш ҳақида шеърлар

Қиш фасли ҳақида сара шеърлар тўплами. Болалар учун қиш ҳақида қайноқ шеърлар.

Қиш бошланди

Нурулло Остон шеъри

Шеърни очиш / Ёпиш

Дов-дарахтлар мизғиган,
Изғирин уел изғиган.
Кўчалар ярақлайди.
Юлдузлар чарақлайди.
Жамлаб барча кучини,
Келмоқда қиш қўшини.

Қиш яқин

Рауф Толиб шеъри

Шеърни очиш / Ёпиш

Қуёнга деди Айиқ:
— Бунча шошасан, қизиқ?
— Қиш келар қилич қайраб,
Қандоқ ўтирай қараб?
Қиш ғамини еяпман.
—Тўхта, нима деяпсан?
Қиш дегани бир кеча…
— Ундай эмасдир ҳечам.
— Бир ухлаб турсанг, баҳор!
— Баҳоргача кўп гап бор…
Қишли қировли кунда
Овқат сўрайман кимдан?
— Қанақа қиш, эй аҳмоқ? —
Дарғазаб бўлар маймоқ.
— Қишдан қўрқмайсиз, демак…
• Гап қайтарма тирмизак.

Қиш сабоғи

Абдураҳмон Акбар шеъри

Шеърни очиш / Ёпиш

Шимимда тўртта чўнтак,
Палтомда тўртта чўнтак.
Бирма-бир кириб чиқар
Барига икки қўлим.
«Куҳ-куҳ»лаб қўлларимга
Ойимлар койир андак,
— Шунақа чатоқ бўлар
Қўлқоп йўқотиш,
Ўғлим!

Қиш тасбеҳлари

Дилшод Ражаб шеъри

Шеърни очиш / Ёпиш

Қор кийинган арчалар
Оқ қалпоққа ўхшайди.
Ялтироқ шох-шаббалар
Жез тароққа ўхшайди.
Муз қотган ариқчалар
Зар белбоғга ўхшайди.
Сумалаклар — қандиллар
Муз чироққа ўхшайди.
Қор устида қарғалар
Қора доғга ўхшайди.
Ё оқ қоғозга томган
Ранг — сиёҳга ўхшайди.
Феъли совуқ изғирин
Кўп чатоққа ўхшайди.
Қувиб солар ҳаммани,
Уртўқмоққа ўхшайди.

Қишда

Наримон Орифжонов шеъри

Шеърни очиш / Ёпиш

Роса маза қиш,
Қорлари — кумуш.
Оқ кийган атроф.
Қиш ҳавоси соф.
Конки учамиз,
Ҳеч чарчамай биз.
Гоҳо қорбўрон
Ўйнаб ким чаққон? —
Билиб оламиз,
Қойил қоламиз.

Оппоқ қиш-эй

Пўлат Мўмин шеъри

Шеърни очиш / Ёпиш

Оппоқ қиш-эй, оппоқ қиш,
Эҳ, қорлари юмшоқ қиш.
Чана, конки ўйнатган,
Қувноқ қиш-эй, қувноқ қиш.
Дам олмоқда далалар,
Кенг водийлар, даралар,
Фасл гашти атрофга
Қўшиқ бўлиб таралар.
Тарновларда сумалак,
Кўллар ойна—яхмалак.
Айтинг, айтинг бўлмасин
Ҳеч ким йўлда чархпалак.
Совуқ ҳазллашарми,
Юзлар жизиллашарми,
Гоҳо-гоҳо учраган
Қўрқоқни излашарми?
Оппоқ қор сут сингари
Она Ерга сингади.
Офтоб келиб яқинроқ
Қишнинг қаҳрин енгади.
Оппоқ қиш-эй, оппоқ қиш,
Тарқоқ қиш-эй, қўрқоқ қиш

Қишнинг иши

Нурбек Турмуҳамедов шеъри

Шеърни очиш / Ёпиш

Қойилман қиш ишига,
Завқ беради кишига.
Анҳорни музга қоплаб,
Яхмалак қилди боплаб.
Фақат шуни билмадим,
Ўйлаб, ўйга етмадим.
Оламга оқ либосни
Қандай қилиб ёпдийкин?
Бунча оқ ранг, оқ нурни
Қандай қилиб топдийкин?

Қиш

Шукур Саъдулла шеъри

Шеърни очиш / Ёпиш

Дала-даштда тинди иш
Меҳмон бўлиб келди қиш.
Қиш эмас, — қор бобо,
Совғалари бор бобо.
Уйда безоғлик арча,
Тепасида ойпарча.
Худди ёздай, баҳордай,
Илиқ кузги наҳордай.
Қор ёғар кеча-кундуз,
Сув совқотиб кийган муз.
Дала-дашт — оппоқ гилам,
Қоқиб бўлмас сира ҳам.
Ором берар қор ерга,
Дам-бадам тушиб терга.
Кела қолса гул баҳор,
Эриб кетар ердан қор.

Если вам понравилась статья, поделитесь ею с друзьями в социальных сетях.
Sirlar.uz