Эҳтиёж ва зарурат ҳақида мақоллар

Эҳтиёж ва зарурат ҳақида мақоллар

Боши оғримаганнинг худо билан нима иши бор.

Бузоқ сомонхонани бўшатар,
Бола — нонхонани.

Бурунни сассиқ деб кесиб бўлмас.

Бўрини кўрса, овул ити бирлашар.

Бўрининг қулоғи — овда.

Гадога оқ халта ҳам бир, кўк халта ҳам.

Дунёнинг кераклигини бозорда билдим,
Охиратнинг кераклигини — мозорда

Ёғоч сувдан тўймас.

Жон қийнамай, юмуш битмас,
Талаба бўлмай, муродга етмас.

Зарурат тушса, зар тўкилар.

Зарулга зарур,
Нозарулга не зарур.

Иштонсизнинг тушига Икки энлик бўз кирар.

Йиғлаган кўзга — ёш,
Тилаган оғизга — ош.

Йиғламаган болага эмчак йўқ.

Йўқни керак топтирар,
Ёлғиз отни соттирар

Йўқни керак топтирар,
Ҳар томонга чоптирар.

Кампирнинг дарди — ғўзада,
Йигитнинг дарди — бўзада.

Кар қаттиқ сўзлар.

Катта уйга не керак,
Кичик уйга шу керак.

Кел-келга олса, кели соп туғар.

Келар гапни келин ҳам айтар.

Керак теракни йиқитар

Кес-кеслаган ит овга ярамас.

Кетар қизнинг кўнгли куёвда.

Кинначи дер: «Касал кўпайсин»,
Гўрков: «Ўлик кўпайсин».

Кир ювгичга — сув қуйгич.

Куним учун кул тортаман.

Кўрга кўзгу керакмас.

Кўчанинг кўрки — тол,
Яйловнинг кўрки — мол.

Лойсиз сув, қурбақасиз кўл бўлмас

Мевасини е, эгасини суриштирма.

Мен не дейман,
Қўбизим нима дейди.

Мен ўз ҳолим билан,
Мулла менинг молим билан.

Меросдан юмруқ тегса ҳам ол.

Минг қўйлининг бир қўйлига иши тушар.

Молсиз уй бор, нонсиз уй йўқ.

Молсиз уй бўлса бўлар,
Юксиз уй бўлмас

Мўйнанинг пардози — чивиқ.

Нонсиз яшаб бўлмас,
Гапни ошаб бўлмас.

Одам одамга керак,
Жон — танга.

Оёқ чарчаса, таёқ ярайди.

Оз бўлса етар,
Кўп бўлса кетар.

Ой тунда керак,
Ақл — кунда.

Ойлигинг куйса куйсин,
Кунлигинг куймасин

Оловга келган элакни олмас.

От бўлмаганда эшак ҳам от.

От топгунча эгар топ.

От туз дейди,
Йигит — қиз.

Отага — мол, қизга — жамол.

Отни топиш бир кунлик,
Абзал топиш минг кунлик.

Оч киши мой танламас,
Қари қиз бой танламас

Оч кишига ош қўйсанг, бетингга қарамас.

Оч қолган нондан гапирар.

Оч қолганга қозон остирма,
Совуқ қотганга ўт ёқтирма.

Очлик кўчага чиқарар,
Яланғочлик уйга киргизар.

Очнинг жаҳли қомида.

Ош тотиғи — туз.

Ошнинг таъми туз билан,
Сувнинг тъаъми муз билан.

Оғриқ қаерда бўлса, жон ўша ерда

Сайил ҳам сайил,
Саргардонлик ҳам сайил.

Сўраганнинг айби йўқ.

Таканинг мугизи тангрига керак бўпти.

Ташнанинг тушига сув кирар.

Темирчига кўмирчи ҳоким.

Тилаб олган тўн тиззага чиқмас.

Тилаб олган нон қорин тўйдирмас

Тилаганга не берар,
Қатти-қутти нон берар.

Тилаганим тиздан тубан.

Тилингандан тиланган ёмон.

Тилини тишлаган тишини суғуриб олмас.

Тирикчилик тошни ҳам ёрар.

Тирикчилик шерни ҳам тулки қилар.

Тулкига жон керак,
Овчига тери керак

Турмуш — уриниш.

Тхихумни кўрмаганга қорақарға ҳам товуқ.

Туя оч бўлса, жиҳозига тармашар.

Туя туз деб йиғлар,
Йигит — қиз деб.

Тўйганда тўқлининг гўшти ҳам татимас,
Оч қолганда зоғора нон ҳам ортмас.

Уйқу ўрин танламас.

Уксиз ўз киндигини ўзи кесар

Хотин бошим эркак бўлди,
Қора сочим телпак бўлди.

Чаён чаққан ухлайди,
Қорни оч ухламайди.

Чарчаб келиб минган сўнг,
Чўлоқ эшак от бўлур.

Чироқнинг пилигига ёғ керак,
Одамнинг — илигига.

Эгасига керак бўлса, қўшниси ўпкаламас.

Эр бошига иш тушса,
Этик билан сув кечар.
От бошига иш тушса,
Сувлиқ билан сув ичар.

Эшак ётақолсам дейди,
Эгаси етақолсам дейди

Эҳтиётинг бўлса, эҳтиёжинг бўлмас.
Янтоқли ерда сўна бор.

Ўғилга бир керак бўлса,
Қизга минг керак.

Ўғилли бошим ўйинда,
Қизли бошим қийинда.

Ўғлинг бўлса, элга бер,
Қизинг бўлса, эрга бер.

Қарз берувчи — арслон,
Қарз олувчи — сичқон.

Қарз олган қочар,
Қарз берган қувар.

Қари қизга тонг отмас

Қизли уй қизилга тўймас.

Қизғанчиқдан ортар, мечкайдан ортмас.

Қора қорнинг — қора қайғунг.

Қузғун оч қолса, тирикни ҳам чўқир.

Қулунли биядан қудуқ суви ортмас.

Ҳамма юкни кўтарган туя,
Капкирни ҳам кўтарар.

Ҳар кимнинг томига қор ёғса, ўзи курайди.

Ҳар киши ўз қопининг оғзини ўзи очар.

Ҳўкизнинг мўгузи ўзига оғирлик қилмас.

Если вам понравилась статья, поделитесь ею с друзьями в социальных сетях.
Sirlar.uz