Чала муллалар ҳақида мақоллар

Чала муллалар ҳақида мақоллар

Бахши тўрда яхши,
Мулла — гўрда.

Бахшиники «ҳай» билан,
Мулланики «вой» билан.

Бутоқда хўроз қичқирар,
Мезанада — сўфи.

Даъво қилма домладан,
Қарздор бўлма сўфидан.

Домла-имом оч қолса, бозор кезар,
Сўфи оч қолса — мозор.

Ёғочнинг ёмони — сўқи,
Одамнинг ёмони — сўфи.

Икки мулла — бир киши,
Бир мулла — ёрти киши.

Мол кўпайса, баракат ортар,
Мулла кўпайса — оят.

Мулла билганин ўқир,
Қарға кўрганин чўқир.

Мулла-имом хотин билан ўйнар,
Иллатини қавми тортар.

Мулла, мулланинг иши — ҳийла.

Мулла паловга ўч,
Банги — оловга.

Мулла соқолига оро берар,
Лўли — зулфига.

Мулла фолбинни кўролмас,
Эшон — иккаласини ҳам.

Мулла ҳолвани кўрса,
Қуръонни унутар.

Муллага берсанг, олдим демас,
Кўрга берсанг, кўрдим демас.

Муллани мозорда кўр,
Даллолни — бозорда.

Мулланинг айтганини қил,
Қилганини қилма.

Мулланинг салласи оқ,
Юраги — қора.

Мулланинг сахийлиги — тилида.

Мулланинг семизидан қўрқ,
Табибнинг — ориғидан.

Мулланинг қорни очса, номози тугар.

Мулласи кўп элнинг тўқлиси ҳаромга чиқар.

«Нун» — муллага чаноқ ун.

Олио берганни мулло бермас.

Саводсиз мулланинг салласи катта.

Саллага боқма, каллага боқ.

Сўфи кавуш ўғирлар,
Эски чопонни ўғри қилар.

Сўфи сўғон ер,
Топилса, йўғон ер.

Хўжа, мулла эл бузар,
Чўп-чор ер бузар.

Эшак Маккага бориб ҳожи бўлмас.

Ҳамма ҳамма билан,
Мулла ғумма билан.

Если вам понравилась статья, поделитесь ею с друзьями в социальных сетях.
Sirlar.uz