Донолик ва нодонлик ҳақида мақоллар

Донолик ва нодонлик ҳақида мақоллар

Айбини яширмоқ нодонлар иши.

Айрон ош бўлмас,
Нодон — бош.

Айтгувчи нодон бўлса,
Тингловчи доно керак.

Анқов ўйин бузар,
Тентак — уйин.

Ботирдан яхши иш қолар,
Донодан — сўз.

Булоқнинг суви тиниқ,
Дононинг — суҳбати.

Доно айтса, эл айтгани,
Элнинг ғамин еб айтгани.

Доно ақл сўраб ҳормас,
Нодон нозин қилиб бормас.

Доно ақли дор эмас,
Нодон ақли ёр эмас.

Доно бажарар ишни,
Нодон синдирар тишни.

Доно билан нодон бир булоқдан сув ичмас.

Доно билан юрсанг, доно бўласан,
Аҳмоқ билан юрсанг, расво бўласан.

Доно — донога ёр,
Аҳмоқ — дўстга зор.

Доно дурдан аъло.

Доно минг яшар,
Нодон бир яшар.

Доно нақли — ҳаёт ақли.

Доно сўзига бино қўяр
Нодон — ўзига.

Доно сўзини тергар,
Нодон — кўзини.

Доно ўйлаб айтар,
Нодон — ўйнаб.

Доно қариса ҳам, донолиги қаримас.

Доно ҳикмат келтирар,
Нодон — кулфат.

Донога илм — илм,
Нодонга эссиз илм.

Донога иш — шон-у шуҳрат,
Нодонга иш — ғам-у кулфат.

Донога эргашган довондан ошар.

Донода меҳр бўлади,
Нодонда — заҳр.

Доноликнинг чеки йўқ.

Дононинг гапи — тегади нафи.

Дононинг сўзига боқ,
Яхшининг — ўзига.

Дононинг сўзидан ҳам қолма,
Юрган изидан ҳам.

Дононинг ўзини олмасанг ҳам, сўзини ол.

Ёмонни яхши қилиш — дононинг иши,
Яхшини ёмон қилиш — нодоннинг иши.

Инсон — ақли билан,
Доно — нақли билан.

Касалга даво топилса ҳам,
Анқовга даво топилмас.

Маъракага аҳмоқ аралашса,
Бузилмай қолмас.
Маъракага доно аралашса,
Тузилмай қолмас.

Маъракада топиб гапирган — доно,
Ўзини тутиб ўтирган ҳам — доно.

Нодон билан сирдош бўлма.

Нодон билан шавла есанг,
Оёғингнинг таги пишар.

Нодон кузатар,
Доно тузатар.

Нодон сўзлар,
Доно ибрат олар.

Нодон ўз айбини кўрмай,
Киши айбини қидирар.

Нодонга — калтак, донога — ишора.

Нодонга тек турмоқ — жавоб.

Нодонга улфат бўлган қон ютар.

Нодондан ақл кутма,
Бебурддан — номус.

Нодондан бошчи бўлса,
Жарга қулаб кетасан.

Нодоннинг дили — тилида,
Дононинг тилл — дилида.

Нодоннинг кулфати кўп,
Дононинг — ҳикмати.

Олдига келганни емак —
Ҳайвоннинг иши.
Оғзига келганни демак —
Нодоннинг иши.

Олимдан от қолади.
Нодондан — дод.

Олтмиш яшар аҳмоқдан
Олти яшар доно яхши.

Соҳибкордан боғ қолар,
Донодан — китоб.

Сўзловчи аҳмоқ бўлса,
Тингловчи доно керак.

Сўнгак ош бўлмас,
Нодон бош бўлмас.

Тентак тентаклигини қўй сўйиб билдирмас.

Тентак тўрини бермас,
Телба — тўнини.

Яхшининг хатоси йўқ,
Нодоннинг — ошнаси.

Ўликка йиғлаган эссиз кўзим,
Нодонга сўзлаган эссиз сўзим.

Ҳовузда қурбақа вақиллайди,
Нодон — даврада.

Если вам понравилась статья, поделитесь ею с друзьями в социальных сетях.
Sirlar.uz