Қўшнилар ва қўшничилик ҳақида мақоллар

Қўшнилар ва қўшничилик ҳақида мақоллар

Авлиё ҳам қўшнисини қўллар.

Гилам сотсанг, қўшнингга сот,
Бир четида ўзинг ўтирасан.

Ёмон қўшни ёвдан ёмон.

Ён қўшни — жон қўшни.

Овулга айтсанг, ошар,
Қўшнига айтсанг, қўшар.

Оловга тегсанг, ўчар,
Қўшнингга тегсанг, кўчар.

Яхши қўшни — ота-она,
Ёмон қўшни — бошга бало.

Яхши қўшни узоқ қариндошдан яхши.

Яхши қўшнига ялингунча,
Ёмон уйингни ахтар.

Яхши ҳамсоя гулдир,
Ёмон ҳамсоя чўлдир.

Яхши ҳамсоя орасидан
Қисир эчкининг қили ўтмас.

Қоронғида қичқирсанг,
Ҳамсоянг товуш берар.

Қудангдан қўй сўрама,
Қўшнингдан уй сўрама.

Қўшни девор тагини кавласанг,
Ўзингга дарча очилар.

Қўшни келди — кўмак келди,
Эт келди — суяк келди.

Қўшни оши — қўшнига қарз.

Қўшни қўшнидан эрта туришни ўрганар.

Қўшни — қўшнининг бозори.

Қўшнига қарама, ўнгишига қара.

Қўшнига қасд этма, баст эт.

Қўшнига қўшнининг товуғи кўркли кўринар.

Қўшнида пишар,
Бизга ҳам тушар.

Қўшнимнинг билгани — ҳамманинг билгани.

Қўшнинг ёмон бўлса, ёмонлик келар,
Қўшнинг яхши бўлса — омонлик.

Қўшнинг кўр бўлса, кўзингни қис.

Қўшнинг яхши бўлса, кўр қизинг ҳам эрга тегар.

Қўшнингга ёмонлик соғинма.

Қўшнингни янима, киноя сўз доғ этар,
Қурбинг етса кўмаклаш, эшигингни боғ этар.

Қўшнининг миннатли ошидан
Чумчуқнинг сояси афзал.

Қўшнининг оши — тотли.

Қўшнининг оши — ғавғонинг боши.

Қўшнининг товуғи ғоз кўринар,
Келинчаги — қиз.

Қўшниси яхши қаримас.

Ҳовли олма, қўшни ол.

Если вам понравилась статья, поделитесь ею с друзьями в социальных сетях.
Sirlar.uz