Тарбия ҳақида мақоллар

Тарбия ҳақида мақоллар

Айғир қандай бўлса, от шундай.

Бешикда теккан, кафанда кетар.

Бир каттанинг гапига кир,
Бир — кичикнинг.

Бир қилган — мадад,
Икки қилган — одат.

Бола боққандан олов ёққан яхши.

Бола — ёшидан,
Хотин — бошидан.

Бола кўрганини қилар,
Ота — билганини.

Бола — лой, она — кулол.

Бола туққанники эмас тарбиялаганники.

Болани сўксанг, бети қотар,
Урсанг, эти қотар.

Боғинг бўлса, қўра қил,
Ўғлинг бўлса, мулла қил.

Боқсанг ботир қиласан,
Тергасанг — тентак.

Бузишга ўрганма, тузишга ўрган.

Бузуқи қариса ҳам, ғамзаси қаримас.

Букрини гўр тузатар.

Дарахтдан мева оламан десанг,
Ниҳоллигидан парвариш қил.

Дарахтига кўра — меваси,
Ота-онасига кўра — боласи.

Дард кетар, одат қолар.

Дарё тўла сув бўлса ҳам,
Ит тун билан сув ичар.

Дарё чучук — ариқ чучук.
Дарё аччиқ — ариқ аччиқ.

Етти ёшга етгунча,
Ер тўқмоғин ерсан.

Етмиш ёшга етгунча,
Эл тўқмоғин ерсан.

Игна қаёққа юрса,
Ип ҳам шу ёққа юрар.

Иллат кетар, одат кетмас.

Итни қопағон қилган — эгаси.

Катта арава қайдан юрса,
Кичик арава шундан юрар.

Катта бошлар, кичик ташлар.

Киши йўқ деб сўзлама,
Оғзинг ёмон ўрганар.

Одам бўлар йигит одатидан маълум,
Тулпор бўлар қулун — мучасидан.

Одам одамдан қутулар,
Ўз феълидан қутулмас.

Одат бир, табиат бошқа.

Олти кун оч қолсанг ҳам,
Отанг одатини қўйма.

Она сути билан кирмаган
Тана сути билан кирмас.

Она қилса зўрликни,
Бола тортар хўрликни.

Онадан кўрган тўн бичар,
Отадан кўрган ўқ йўнар.

От билан бўлса эшакнинг охури,
Ранги юқмас, феъли юқар охири.

От бўлсанг, чопарсан,
Ит бўлсанг, қопарсан.

Ота ғайратҳ бўлса,
Бола ибратли бўлар.

Отадан — ўғил, онадан — қиз.

Отаси бузуқнинг бири — бузуқ,
Онаси бузуқнинг бари — бузуқ.

Отаси тентакнинг бириси — тентак,
Онаси тентакнинг бариси — тентак.

Отасини сўрасанг — Аҳмади фориғ,
Онасини сўрасанг — товони ёриқ.

Отнинг феъли эгасига маълум.

Семиз қўзининг гўшти яхши,
Оқил онанинг — қизи.

Сув билан экин ўсар,
Тарбия билан — одам.

Сув бошидан лойқа.

Сув бошидан яхши,
Ҳосил — тагидан.

Сут билан кирган жон билан чиқар.

Сўксанг — сўкувингда,
Урсанг — урувингда.

Таёқ айиқни ҳам мулла қилар.

Таёқ маймунга намоз ўқитар.

Таёқ ўғрини тўғрилар,
Гўр букрини тўғрилар.

Тананинг турқи туққанига маълум.

Тарки одат — амри маҳол.

Теракка қараб, тол ўсар.
Онага қараб, қиз ўсар.

Тойни от қилгунча,
Эгаси ит бўлар.

Тоғ ердан ўсиб чиқар,
Одам — ота-онадан.

Тулпор — биядан,
Мард — энадан.

Тулпор тубига тортар.

Тўққизида қандай — тўқсонида шундай.

Уста қандай — шогирд шундай.

Устоз билимли — шогирд илмли.

Хотин олсанг, ёшдан ол,
Жиловини бошдан ол.

Чархни бузган — парраси,
Қизни бузган — онаси.

Эгасига кўра бияси.

Эгри бутоқни ниҳолида тобини ол.

Эр боласи — эр,
Шер боласи — шер.

Эрка тутса онаси,
Талтаяди боласи.
Тўғри тутса онаси,
Юртга эга боласи.

Эрка ўғил ёвга ярамас,
Эрка қиз — ишга.

Эшиги ёмоннинг уйига борма,
Онаси ёмоннинг қизини олма.

Югансиз отни ўргатиб бўлмас.

Ярамас одат кўп бўлар,
Энг ёмони — кунчилик.

Яхши киши боласи
Юқоридан сий топар.
Ёмон киши боласин
Туяда ҳам ит қопар.

Ўзинг пиширган ош —
Айланиб ич, ўргулиб ич.

Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас.

Ўрганган қилиқ ўлганда қолар.

Ўғлингни севсанг, қулдек ишлат.

Ўғри ўрганганини ўлгунча қўймас.

Қарғани боққан билан қуш бўлмас.

Қиз берсанг, отасига қараб бер,
Қиз олсанг, онасига қараб ол.

Қиз сақлай билмаган гунг этар,
Ипак сақлай билмаган юнг этар.

Қизни онаси тийсин,
Ўғилни — отаси.

Қон билан кирган жон билан чиқар.

Қориндаги қилиқ қора ерда қолар.

Қуш уясида кўрганини қилар.

Қўзи қўчқордан нишон,
Ўғил — отадан.

Ғайратлининг боласи танбал бўлар.

Ҳўкизнинг ўтини еб,
Қўйнинг қиҳғини қилма.

Если вам понравилась статья, поделитесь ею с друзьями в социальных сетях.
Sirlar.uz