Фасллар ва табиат ҳақида мақоллар

Фасллар ва табиат ҳақида мақоллар

Азиз бўлмай, мазиз бўлмас.

Азиз момо олти кун,
Қаҳри келса — етти кун.

Азиз момо олти кун,
Қалтираса — қатти кун,
Сакранса — саккиз кун,
Тўқранса — тўққиз кун,
Ўқранса — ўн кун.

Азиз ақчасиз кетмас,
Қизлар — бўғчасиз.

Асад ё расад, ё нарасад.

Асад кирса, сув оқарар.

Асад — расамат.

Асад суви — асал суви.

Асад, экинларни ясат.

Асад, ғўзангни ясат.

Асадда оралаб е,
Сунбулада — саралаб.

Аямажуз олти кун,
Олти ой қишдан қаттиқ кун.

Ақраб келар ҳайқириб,
Бола-чақасини чақириб.

Ақраб келди ақириб,
Совуқларни чақириб.

Ақрабда жўхорини совуқ урмаса,
Охиратда ҳам урмас.

Аҳман-даҳман олти кун,
Қаҳрига олса қатти кун.

Аҳман музи даҳмондай бўлса ҳам, қўрқма,
Кузнинг музи кўзгудай бўлса ҳам, қўрқ.

Барс йили — бойлик,
Қуён йили — қаҳатчилик.

Далв кирди — давр кирди.

Далв кирди, экинларга давр кирди.

Даройи ола бўлди,
Дарё бир бало бўлди.

Ёз — ёзил, қиш — қисил.

Ёз ёмғири ёндан ўтар,
Қиш ёмғири — жондан.

Ёз ёмғири — илон билан чаён.

Ёз куюнган, қиш суюнар.

Ёз меваси — қиш хазинаси.

Ёз қоқиси — қишга дори.

Ёз ҳаракати — соз ҳаракат.

Ёзги ҳаракат — кузги баракат.

Ёзда боши пишмаганнинг,
Қишда оши пишмас.

Ёзда жароҳат кўрсанг,
Қишда роҳат кўрасан.

Ёзнинг гилами — кенг.

Ёзда хотин қутуради,
Қишда — бурун.

Ёзнинг ёзиғи — қишнинг озиғи.

Ёзнинг ёмғиридан қўрқ,
Қишнинг — қировидан.

Ёзнинг куни — юз турли,
Қишнинг куни — қирқ турли.

Ёзнинг ювиндиси — қишга ош-қатиқ.

Ёлқица ҳам, ёғ яхши,
Ёндирса ҳам, ёз яхши.

Ёмғир — экиннинг жони.

Жавзодаги ёмғирдан илон ёғса яхши.

Жавзонинг ярмида сув тагида арпа пишар.

Жул келди — ҳамал келди.

Жума ёғса, шанба тинар,
Шанба тинмаса, қачон тинар.

Илиб-илиб, ёз бўлар,
Совиб-совиб, қиш бўлар.

Ит йили эксанг,
Тўнғиз йили ўрасан.

Йил яхши келса, арқар кетмас.

Йилнинг яхши келиши баҳордан маълум.

Кузги қатиқ куёвга бергисиз.

Кузнинг бир куни қишнинг бир ойини боқар.

Кун ғамини саҳар е,
Йил ғамини баҳор е.

Лайлак келмай, ёз бўлмас,
Қирғияк чопмай, куз бўлмас.

Лайлак келса — ёруғ ёз,
Турна келса — тунуқ ёз.

Мизон чиқиб, ақраб кирса — қиш.

Наврўздан сўнг қиш бўлмас,
Мизондан сўнг ёз бўлмас.

Оз бўлмай, ёз бўлмас,
Ёз бўлмай, маз бўлмас.

Ой бошида кун ё тузалар, ё бузилар.

Ой чалқанча туғса, ой бўйи аёз.

Ой ўтовласа, ойлик ғамингни е,
Кун ўтовласа, кунлик ғамингни е.

Ой қуланса, оёғингни узат,
Кун қуланса, курагингни тузат.

Ойнинг бешидан қўрқма, бошидан қўрқ.

Оқпон-оқпон олти кун,
Ой-ҳой сенинг қотувинг.

Ўлчаб осган этингга
Қўноқ келса, қаттиқ кун.

Оқпонда от одимидай кун узаяр.

Пайти келса, дарахт гуллар.

Пайшанбанинг келиши чоршанбадан белгили.

Савр бўлмай, сайрон бўлмас,
Сайрон бўлмай, айрон бўлмас.

Савр деган сонли қиш,
Мен жавзонгдан қўрқаман.

Савр ёмғири — сари олтин.

Савр келса, муз турмас,
Қуда келса, қиз турмас.

Савр кирди — экинларга давр кирди.

Савр ойи — давр ойи.

Саврнинг саноғида қишнинг ёғини бор.

Саратон — сара экиш,
Қолаверса — тариқ экиш.

Саратонда сув қўй,
Асадда тек қўй.

Саратоннинг ўни — тегирмоннинг дўли.

Сафар ойи — хатар ойи.

Савалаб ёққан ёмғир ёмон,
Майдалаб ёққан қор ёмон.

Совуқ оёқдан урар,
Иссиқ — бошдан.

Сойда ётма, сел олар,
Қирда ётма, ел олар.

Сигир йили — тўқлик,
Қўй йили — йўқлик.

Сумбула туғар сумпайиб,
От семирар қампайиб.

Сумбула туғса, сув совир,
Тарози туғса, тонг совир.

Сумбулада сув совийди,
Мизонда — кун.

Сумбуланинг суви тиниқ, ўзи совуқ.

Сумбуланинг суви — шароб.

Сумбуланинг туққанини сув билар.

Тоза ҳаво — дардга даво.

Тоққа ёғса, чўл обод,
Чўлга ёғса, эл обод.

Тоққа қалин қор тушгани —
Ернинг қониб сув ичгани.

Тоғ ҳавоси — дард давоси.

Тўқсон кирса, тўрғай одимича кун узаяр.

Тўқсон тўлмай, ёз чиқмас.

Чилла кирса — чил оёғи.

Чилла суви — тилла суви.

Чилла қори — ернинг қони.

Чиллага чиллаки чидамас.

Чиллада суғорилган боғ,
Чил ботмон узум берар.

Шанбада бичма, жумада кўчма.

Эр туғилса — элнинг бахти,
Ёмғир ёғса — ернинг бахти.

Эрталабки туман очар,
Кечки туман ёпар.

Янтоқ гулласа, чилги пишар.

Яхши йил баҳоридан маълум,
Яхши кун — саҳаридан.

Яхши келса — ҳут,
Ёмон келса — ют.

Яхши келса ҳут —
Кади-кади сут.

Ёмон келса ҳут —
Қақшаб қолган пут.

Яхши келса ҳутни кўринг,
Хурма-хурма сутни кўринг.

Ёмон келса, ҳутни кўринг,
Серрайиб ётган путни кўринг.

Қавс суви — жон суви.

Қантар овса, қалт этар,
Деҳқоннинг кўзи ялт этар.

Қантар овса, қозиқнинг бошида қор турмас.

Қантарда қарға одимидай кун узаяр.

Қарға кетмай, қор кетмас,
Турна келмай, муз кетмас.

Қарға қағилласа, қишни чақирар,
Ғоз ғағаласа — ёзни.

Қирқкуяк келди — куз келди.

Қирқкуякда қиндаги ҳам пишар.

Қирқкуякда қирқ томгунча,
Мизонда бир томсин.

Қиш — оладан, ёз — моладан.
Қиш — серташвиш.

Қиш ўлдирма, ёз ўлдир,
Оч ўлдирма, тўқ ўлдир.

Қиш ўтар, қоралик қарғага қолар.

Қиш ўчоғи тор,
Тур, уйингга бор.

Қиш қаттиқ келса — ит йили.

Қиш қилиғини қилмай қўймас,
Ёз йўриғини йўймай қўймас.

Қиш — қисилмоқ, ёз — ёзилмоқ.

Қиш қишлигини қилмаса,
Ёз ёзлигини қилмас.

Қиш қўноғи — ўт.

Қишнинг бир куни қолса қўрқ.

Қишнинг куни қирқ турли,
Қирқови ҳам қилиқли.

Қишнинг совуғида тўнгандан,
Ёзнинг иссиғида ўлган яхши.

Қишнинг қаҳри — кузга барака.

Қишнинг қори — ёзга дори.

Қор ёғди — дон ёғди,
Ёмғир ёғди — ош ёғди.

Қор — ош билан нон.

Қора булутдан тиниқ сув томар.

Қорачанинг қори турмас.

Қуён йили ют бўлар.

Қуруқ аёз — тилсиз ёв.

Ғоз келгани — ёз келгани.

Ҳамал кирди — амал кирди.

Ҳулкар туғди — ўт туғди.

Ҳулкарли ойнинг бари қиш.

Ҳут кирди, деҳқоннинг кетига қуит кирди.

Ҳут кирди, ер остига дуд кирди.

Ҳут сувига ҳўкизингни суғорма.

Ҳут — ют.

Ҳутда мол тўймаса, одам тўймас.

Если вам понравилась статья, поделитесь ею с друзьями в социальных сетях.
Sirlar.uz