Меҳр ва инсонийлик ҳақида мақоллар

Меҳр ва инсонийлик ҳақида мақоллар

Айтган жойга эринма,
Айтмаган жойга кўринма.

Бет кўргандан ҳои сўр.

Бир уй тўла жонсан,
Бир-бирингга меҳмонсан.

Бола — хизматда, ота — иззатда.

Болалилар бош бўлар,
Боласизлар ёш бўлар.

Борнинг эшигини эл очар,
Йўқнинг туйнугини ел очар.

Давлат бўлса — савлат,
Савлат бўлса — ҳурмат.

Давлат учун эрга теккандан, ерга тег.

Дўстингга қўшиқ айт,
Меҳрингни қўшиб айт.

Ерни севмаган ўзини севмас.

Ёдлаганнинг ёри бўл,
Излаганнинг — зори.

Заррадай жойдан кўнгил тўлар,
Заррадай жойдан кўнгил қолар.

Иззат қилсанг, ҳурмат кўрасан.

Иззатга арзимаган меҳмон тўшак булғар.

Илинганга илик қўй.

Ит иззатни билмас,
Эшак — тарбиятни.

Ит иззатни билмас,
Ҳўкиз — ҳурматни.

Ит эгасига ҳурмас.

Итнинг калласини товоққа солсанг,
Юмалаб кетар.

Йигит меҳри — кўзда.

Йўл берганга қўл бер.

Каттани мақта, кичикни сақла.

Каттага — ҳурмат,
Кичикка — шафқат.

Каттага ҳурматда бўл,
Кичикка — иззатда.

Кексага йўл бер,
Ўзинг ҳам қартаясан.

Кишининг ҳурмати ўз қўлида.

Кучук томга чиқса ҳам,
Эгасидан катта бўлмас.

Кўз кўзга тушса, меҳр қўзғалар.

Кўз кўрганини қилар,
Косов — тутганини.

Кўз кўрмаса, кўнгил севмас.

Кўз қаерда бўлса,
Меҳр ҳам ўша ерда.

Кўздан нари — кўнгилдан нари.

Кўздан тушган тилдан ҳам тушар.

Кўрмаган ёт сезилар,
Кўришмасанг уят бўлар.

Кўрпанг қаерда — кўнглинг шу ерда.

Мато донғи билан бўз ўтади,
Ота донғи билан қиз ўтади.

Меники деганнинг меҳри иссиқ.

Меҳр билмас қариндошдан,
Меҳр билган ёт яхши.

Меҳр — гул, қаҳр — тикан.

Меҳр хазинаси — тил.

Меҳри борнинг сеҳри бор.

Меҳрли одам — севимли.

Мол эгасининг кўзидан сув ичар.

Молга эгасининг кўзи дори.

Мурувват — меҳрнинг тузоғи.

Мушук суйганидан ўз боласини ер.

Одам иззатга семирар.

Одам одам билан азиз.

Одам қулоқдан озар,
Кўнгилдан семирар.

Одамга эътибор — оламга эътибор.

Одамнинг тафтини одам олар.

Одамнинг юзи — олмосдан ўткир.

Одамнинг юзи қуёшни илитар.

Отангни кўрсанг, отдан туш.

Отаси сийламаганни боласи сийламас.

Оч отасини танимас.

Ош-товоғинг керак эмас,
Қош-қовоғинг керак.

«Сеники — меники» — кўнгил торлиги.

Сенинг гапинг — шўрва,
Менинг қулоғим — тўрва.

Сигир сув ичганда,
Бузоқ муз ялар.

Сийлаган сий кўрар.

Сийлаган сиғимли бўлар.

Сийлагани пулинг бўлмаса,
Сийпагани тилинг бор.

Сийламасанг сийлама, аммо хўрлама.

Сийланган отнинг тишига қаралмас.

Таниган ерда бўй сийли,
Танимаган ерда тўн сийли.

Танимасни сийламас.

Тўйган ерга тўққиз кун — таъзим.

Тор ерда топишган,
Кенг ерда кўришар.

Уйга келганни ит қопмас.

Устоз меҳри — ота меҳри.

Уят юзда бўлар,
Меҳр — кўзда.

Фойдаси йўқ ёрдан иссиқ ўчоқ яхши.

Хотин ҳурмат қилса, ҳурмат кўради,
Эр ҳурмат қилса, неъмат кўради.

Эгасини сийлаган итига суяк ташлар.

Эгасини ҳурмат қилсанг, итини сўкма.

Элда эр атансанг,
Эл сенга олтин товоқда ош берар.

Эр сийлаган ерда азиз.

Юз арнри — ширин.

Юз-юзга тушар,
Меҳр — кўзга.

Юз — юзнинг ҳурмати.

Юзи йўқнинг кўзи йўқ.

Яланғочни ҳеч ким сийламас.

Яхшига берсанг ошингни,
Яхшилар силар бошингни.
Ёмонга берсанг ошингни,
Итга ташлар бошингни.

Ўз айбингни очсанг,
Элнинг меҳри қочар.

Ўзингдан зўрлар чиқса,
Кўзингдан шўрлар чиқар.

Ўзини билган ўзгани ҳам билар.

Қари-қари демангиз,
Қарини қуруқ қўймангиз.

Қўшни оши қорин тўйдирмас,
Меҳр-у оқибатни оширар.

Ҳар ким — сийлаганнинг қули.

Ҳурмат — битмас бойлик.

Ҳурмат қилсанг, ҳурмат кўрасан.

Если вам понравилась статья, поделитесь ею с друзьями в социальных сетях.
Sirlar.uz