Сахийлик ва ҳиммат ҳақида мақоллар

Сахийлик ва ҳиммат ҳақида мақоллар

Асл қушнинг боласи
Олдига қўймай ош емас.

Бахил бўлма, сахий бўл,
Ўсмоғингга тўғри йўл.

Бахил топса, босиб ер,
Сахий топса, барча ер.

Бахилники доим «йўқ»,
Сахий йўқ бўлса ҳам тўқ.

Берардан ҳам бир сўра,
Бермасдан ҳам бир сўра.

Берарманга бешов кўп,
Оларманга олтов оз.

Берағон қўлим — олағон.

Берганга бир ҳам кўп,
Олганга ўн ҳам оз.

Берганга — қўша-қўша,
Бермаганга — ўша-ўша.

Берганинг бир юмурта,
Ўлдирдинг турта-турта.

Бердининг берди оти бор,
Олдининг олди оти бор.

Бермаганни бериб уялтир.

Бой бўлсанг, шолғом е,
Камбағал бўлсанг — палов.

Кенг бўлсанг, кам бўлмайсан.

Кийган тўнинг эскирар,
Кийдирганинг эскирмас.

Кўнгли очиқнинг — йўли очиқ.

Кўнгли очиқнинг — қўли очиқ,
Қўли очиқнинг — йўли.

Кўнглинг кенг бўлса, ҳужра ҳам сарой.

Мақтасанг, сахийни мақта,
Топтасанг, бахилни топта.

Меники бицин, сеники йицин.

Минг қўй берадиган йигитнинг
Пешанасида бир қўйнинг изи бўлади.

Олимсоғинг бўлса-бўлсин,
Беримсоғинг бўлмасин.

Олишда: Бисмилло,
Беришда: Астағфурилло.

Олишда: Ҳой-ҳой,
Беришда: Вой-вой.

Ол-олчининг дўсти кўп,
Бер-берчининг дўсти йўқ.

Ошхонанг кенг — гўрхонанг кенг.
Оққан ариқдан сув оқар.

Сахий билан бахил бир булоқдан сув ичмас.

Сахий билан бахилни эшагининг тўқими билдирар.

Сахий бўлмаса, бахил ҳаром ўлар.

Сахий топса, ўртада,
Бахил топса, халтада.

Сахий хор бўлмас,
Бахил беҳиштга кирмас.

Сахийнинг ишига бахилнинг тиши қамашар.

Сахийнинг ўнг қўли берар,
Чап қўли билмас.

Сахийнинг хайрига бахилнинг боши оғрир.

Сув ичирмасга сут ичир.

Сувсиз ерда тол бўлмас,
Қовоқарида бол бўлмас.

Сукутда ҳикмат кўп,
Булутда — ҳиммат.

Сўраб бергунча, уриб бер.

Тикадиган бека бўлсин,
Киядиган чўри бўлсин.

Тоғ белгиси тош билан,
Бой белгиси ош билан.

Туғмас хотинга игна ҳам давлат.

Уйинг тор бўлса ҳам,
Кўнглинг кенг бўлсин.

Хайр қилсанг, бутун қил.

Хайр ҳам — хайр,
Далолат ҳам — хайр.

Хайрли қўл қайрилмас.

Хасис тўй қилса, баковул бўлма.

Хасис ҳаёсиз бўлар,
Ери гиё(ҳ)сиз бўлар.

Эшак бўлсин, хайрли бўлсин.

Яхши топса, элга ёяр,
Ёмон топса, гўрга ёяр.

Яхшининг кўнгҳ — тоғ,
Бахилнинг кўнгли — доғ.

Қаллобнинг болидан
Сахийнинг заҳри яхши.

Қиммати оз — ҳиммати оз.

Қуш — қаноти билан,
Эр — ҳиммати билан.

Қўй берган киши ипидан қочмас,
Қиз берган киши — сепидан.

Қўлим очиқ — юзим очиқ.

Қўлингдан бермасанг, йўлингдан бер,
Йўлингдан бермасанг, сўзингдан бер.

Қўчқор бўлар қўзининг
Пешонаси дўнг бўлар.
Оға бўлар йигитнинг
Пешонаси кенг бўлар.

Ҳар ким ҳимматига яраша топар.

Ҳимматли кўкка кўтарилар,
Ҳиммациз еига кўмилар.

Ҳимматли ҳимматидан топар.

Если вам понравилась статья, поделитесь ею с друзьями в социальных сетях.
Sirlar.uz